“Ўзбекистон ҳаво йўллари” биринчи марта “Thai International Travel Fair – 2018”да иштирок этди
Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси биринчи марта Бангкокда (Таиланд) “Thai International Travel Fair – 2018” ярмаркасида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мазкур ярмаркада авиакомпания Ўзбекистоннинг Таиланддаги консуллиги ва компаниянинг “Travelers Design Club” ва “Thai Air Services” ишончли агентлари билан биргаликда Uzbekistan Airways стендини тақдим этди.
Стендга МАК фаолияти ва Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ҳақида видеолавҳалар, авиакомпания рейслари ва авиапаркига доир буклетлар, “10 Reasons to visit Uzbekistan” брошюрасининг инглиз ва тай тилидаги нусхалари, халқ ҳунармандчилиги буюмлари, миллий кийим-кечаклар, анъанавий ўзбек ширинликлари ва мевалар қўйилди.
МАК маълумотларига кўра, кўргазма давомида авиакомпания мутахассислари халқаро сайёҳлик компаниялари ва Ўзбекистон ва Жанубий-Шарқий Осиё ўртасидаги ҳаво ташувларини амалга оширувчи салоҳиятли ҳамкорлар вакиллари билан қатор музокаралар ўтказдилар.
Эслатиб ўтамизки, ярмаркада Жанубий-Шарқий Осиёдаги 1200дан ортиқ компаниялар ўз хизматларини тақдим этдилар. Улар орасида миллий ва минтақавий сайёҳлик компаниялари, нуфузли меҳмонхоналар, курортлар, авиаташувчилар, суғурта компаниялари, сайёҳлик, спорт ускуналари етказиб берувчилар бор. Кўргазманинг меҳмонлари сони 400 мингдан ошди.
Сурат манбаи: http://www.titf-ttaa.com/?lang=en