“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Boeing-767 самолётининг Full-flight-симуляторини олади

Дата: 18:01, 01-03-2017.

Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – Жорий йил мартида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) Канаданинг САЕ компаниясининг Boeing-767 Full-flight-симуляторини (FFS) олади, деб хабар қилади ташувчининг матбуот хизмати. 

Хабарга кўра, ушбу тренажёр ёрдамида авиакомпания учувчилари бу турдаги самолётларни учириш малакаларини ҳақиқий шароитларга максимал даражада яқин ҳолда мустаҳкамлайди. 

Илк босқичда тренажёрни техник қўллаб-қувватлаш учун канадалик мутахассислар томонидан миллий авиакомпаниянинг ўқув-машғулот марказида авиакомпаниянинг 8 нафар муҳандиси ўқитилади ва улар FFSга мустақил хизмат кўрсатишга рухсат оладилар.

Эслатиб ўтамизки, FFS Boeing-767 тренажёри авиацион тренажёрлар ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланган САЕ компаниясининг энг янги ишланмасидир. У замонавий дастурий таъминот, визуаллаштириш ва 6 та эркинлик даражасига эга ҳаракатчан тизимлар билан жиҳозланган, унда парвознинг ҳам ердаги, ҳам ҳаводаги турли сценарийлари бўйича машғулот ўташ мумкин. Бундан ташқари, симуляторнинг компьютер тизимига киритилган маълумотлар базаси унда дунёнинг исталган нуқтасига хаёлан парвоз қилиш ва дунёнинг кўплаб аэропортларида учиб-қўнишга имкон беради.

Бугунги кунда МАКнинг тренажёрлар мажмуасида Боинг-757, А320 ва Ил-114-100 самолётларининг тренажёрлари мавжуд. Бу қурилмалар авиакомпанияга нафақат ўз учувчиларини, балки хорижий авиакомпаниялар учувчиларини ўқитиш бўйича хизматларни таклиф қилишга имкон беради.

FFS B-767 фойдаланишга топширилгач, Ўзбекистонда Boeing-767 ҳаво кемалари учувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун зарур база яратилади. Янги Full-flight-симуляторни жорий йил июнда ишга тушириш режалаштирилган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: