“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбедан Тошкентга чипталар нархини $20дан зиёдга пасайтирди

Дата: 12:00, 09-10-2017.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Тожикистондаги ваколатхонаси Душанбедан Тошкентга чипталар нархини $20дан зиёдга пасайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Новости Узбекистана” маълумотига кўра, ўзбек пойтахтига учиш энди 1034 сомоний ($100дан зиёд) туради.

Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг баҳорида Душанбе-Тошкент орасида биринчи рейс амалга оширилганида кўпчилик фуқаролар чипталарнинг нархи баландлиги ҳақида шикоят қилган эдилар. Ўшанда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов очилган имкониятдан икки мамлакатнинг оддий фуқаролари фойдаланишлари зарурлиги, тадбиркорлар эса сафарга ўзлари маблағ топишлари мумкинлигини айтиб ўтган эди.

“Ҳозирда йўловчи ташиш ҳажмини кўпайтириш мақсадида Тошкентда чиптанинг нархини 1034 сомонийгача пасайтирдик”, - деб таъкидлашди ўзбек авиакомпанияси матбуот хизматида.

Манбага кўра, нархларни пасайтириш қарори бундан бир ой олдин қабул қилинган. “Авиакомпания ҳар сешанба кунлари Душанбедан Тошкентга 50-60 нафаргача йўловчи ташийди. Самолётга 150 киши сиғади. Йўловчиларнинг айримлари Тошкентга транзит билан учади ва у ердан бошқа мамлакатларга учиб кетади. Улар учун ўзбек визаси керак эмас ва улар Тошкент аэропортида 24 соатгача қолиш ҳуқуқига эга”, - деб таъкидлади манба.

Янгилик билан ўртоқлашиш: