“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбега учишларни 11 апрелдан бошлашга ваъда берди

Дата: 18:10, 05-04-2017.

Тошкент. 5 апрел. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишидаги учишларни 11 апрелдан бошлашни режалаштирмоқда, деб хабар қилади Интерфакс авиакомпаниянинг Тожикистондаги вакили Ориф Рўзимуродовга асосланган ҳолда.

“Ваколатхонани Тожикистонда рўйхатдан ўтказиш ишлари яқинда якунланди. Афсуски, учишларни вақтида бошлай олмадик. Ҳафта охиригача қолган масалаларни ҳал қилиб, 11 апрелдан учишларни бошлаймиз”, - деди у сешанба куни журналистларга.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасидаги авиарейслар 1992 йилда Тожикистонда фуқаролик уруши бошланган пайтда тўхтатилган эди. Тошкент ва Душанбе ўртасида авиаалоқани қайта тиклаш ҳақидаги қарор 2016 йил ноябрда савдо-иқтисодий комиссия йиғилишида қабул қилинган, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиаалоқа 2017 йилнинг биринчи ярмида қайта тикланиши кутилаётган эди.

Март охирида МАК 4 апрелдан бошлаб Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишида ҳафтасига икки марта – сешанба ва шанба кунлари учишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Рейсларга чипталар ҳам сотилди, аммо у етарлича миқдорда чипта сотилмагани сабабли бекор қилинди.

Тожик томонидан учишларни “Сомон Эйр” авиакомпанияси амалга оширади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: