“Ўзбекистон ҳаво йўллари“ МАК Бангкокдан Тошкентга рейснинг кечикиши ҳаво кемасининг носозлиги туфайли юзага келганини маълум қилди
Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ Миллий авиакомпанияси (МАК) Бангкокдан Тошкентга 5 сентябр кунги HY532 рейсининг кечикиши ҳаво кемасининг носозлиги туфайли юзага келганини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МАК матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“(...) рейсининг кечикиши ҳаво кемасининг носозлиги билан боғлиқ. “Авиакомпания йўловчиларнинг хавфсизлиги учун жавобгар. Шу туфайли техник носозлик тўла бартараф қилинмагунча рейс амалга оширилмайди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, авиакомпаниянинг Бангкок шаҳридаги вакиллари вазиятни ҳал қилиш учун зарур тезкор чораларни кўрилмоқда. “Авиакомпания тартибларига кўра, барча йўловчиларга 3 маҳал овқат берувчи меҳмонхона, аэропорт ва меҳмонхона йўлида қатнаш учун транспорт, шунингдек, яқинлари билан боғланиш учун халқаро алоқа имкониятлари тақдим этилган”, - дея қайд этилади хабарда.
Йўловчиларга манзилга қадар муқобил йўналишлар таклиф қилинган. “Айни вақтда яна 30 кишини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари устида иш олиб борилмоқда. Юқоридаги рейс йўловчилари билан боғлиқ кейинги ўзгаришлар ҳақида қўшимча маълумотлар бериб борилади”, - деб хулоса қилинади хабарда.


