“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этди

Дата: 15:51, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Деҳли шаҳридаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси, авиакомпаниянинг “Aero Sail Services” ва “Aero World Travels” авиаташувларни сотиш бўйича агентлари билан ҳамкорликда Ченнайда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) авиаташувчи матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Ушбу тадбирда иштирок этган сайёҳлик бизнесининг кўплаб вакиллари мамлакатимизнинг маънавий ва маданий тарихга бой мероси, жаҳонга машҳур жойлари, ажойиб ва бетакрор гўзал табиати ҳамда ўзбек халқининг минг йиллик тарихга эга ўзига хос анъаналари, замонлар оша авлоддан-авлодга мерос қилиб сақланиб келаётган миллий урф-одатлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлдилар. Улар зиёрат туризми учун тузилган махсус дастурлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлишди. Шунингдек, уларга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг халқаро йўналишлари, парвозларнинг қулай вақти, тавсия этиладиган махсус гуруҳ тарифлари, ҳаво кемалари парки, аэропортлар ер усти инфратузилмаси модернизацияси ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тўлиқ маълумот тақдим этилди. Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, туристик компаниялар вакиллари ҳиндистонлик сайёҳларнинг мамлакатимизга сафарини ташкил қилиш учун турпакетларни шакллантириш юзасидан музокаралар олиб боришди”, - дейилади хабарда.

Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ваколатхонаси Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган “South Asian Travel and Tourism Exibition” (SATTE-2018) халқаро сайёҳлик ва дам олиш кўргазмасида иштирок этди.

“Мамлакатининг ягона “Ўзбекистон” стендида республиканинг қадимий тарихи ва бугунги кунига бағишланган видеолавҳалар, тарихий шаҳарларимиз ва архитектура едгорликлари, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг авиаташувлар борасидаги имкониятлари ҳақидаги тасвирий ахборот материаллари ва буклетлар тақдим этилди. Ўзбек халқининг миллий либослари, хунармандчилик намуналари, шарқ ширинликлари ва саховатли диёримизда етиштирилган маҳсулотлар кўргазма иштирокчилари ва ташриф буюрувчиларни ҳайратга солди”, - дейилади хабарда.

МАКнинг вакили Шуҳрат Мирсаидовнинг сўзларига кўра, SATTE-2018 хорижий сайёҳлик компаниялар вакиллари билан B2B форматида учрашувларни ўтказиш, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини ҳамда МАК хизматларини халқаро бозорда реклама қилиш учун ажойиб платформага айланди.

Сурат манбаи: http://toyrism.ru/2015/07/chennai-yuzhnyj-gorod-indii-slavyashhijsya-svoej-izyashhnostyu-i-originalnostyu/

Янгилик билан ўртоқлашиш: