“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Покистонга учишларни тўхтатди
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Тошкентдан Покистоннинг Лахор шаҳрига учишлар амалга оширишни тўхтатди, дея хабар беради ушбу мамлакатда чиқадиган Dawn нашри.
Нашр маълумотларига кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Лахорга учишни тўхтатиш ҳақида қарорга келган. Ушбу рейс Покистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлаб турган ягона тўғридан-тўғри рейс бўлган.
Компаниянинг нима сабабдан бундай қарорга келгани ошкор қилинмаган, лекин нашр маълумотларига кўра, бунга ўзаро виза чеклашлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг 10 январида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Тошкентдан Ҳиндистоннинг Амристар шаҳрига учаётган Boeing-767самолети Лахор аэропортида мажбуран қўнган эди. Бу ерда эса, бортида 167 йўловчи бўлган самолётга ёқилғи қуйиш билан муаммолар юзага келган, натижада рейс етти соат ушланиб қолган.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси - мамлакатдаги ягона авиаташувчи бўлиб, тўлиқ давлатга тегишли. Компания 20 зиёд хорижий мамлакатлар шаҳарлари, МДҲдаги 22 шаҳар ва 11 маҳаллий авиалинияларга рейсларни амалга оширади.