“Ўзбекистон ҳаво йўллари” сентябрда “Орзулар лайнери”ни эксплуатация қилишни бошлайди
Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК сентябрда “Орзулар лайнери”ни эксплуатация қилишни бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Сентябрдаёқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” йўловчилари Boeing-787 Dreamliner самолётида қулайликнинг янги даражасига баҳо беришлари мумкин», - дейилади компания сайтидаги хабарда.
Таъкидланишича, авиакомпания икки Boeing-787 Dreamlinerлардан фойдаланишни бошлайди. Улардан биринчиси мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Ўзбекистонга етиб келиши кутилмоқда. Иккинчи самолёт эса кузда етиб келади.
“Орзулар лайнери” барча Ўзбекистон аҳолисига байрам совғаси бўлади”, - дейилади хабарда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” – Ўзбекистондаги монопол авиаташувчи бўлиб, давлатга тегишли. Авиакомпания доимий равишда Европа ва Осиё, Америка мамлакатлари ва Япониянинг 40 ошиқ шаҳарларига қатнайди. Авиакомпания ваколатхоналари дунёнинг 25 мамлакатларида очилган.