“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Жакарта ва Сингапурда тақдим этди

Дата: 10:10, 20-04-2015.

Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ - “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси (МАК) мутахассислари Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Индонезиянинг Жакарта шаҳри ва Сингапурдаги “Natas Fair 2015” халқаро сайёҳлик кўргазмасида тақдим этдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) МАК сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Жакартадаги тақдимотда Ўзбекистон элчихонаси, туристик компаниялари, Ўзбекистон Хусусий туристик ташкилотлари ассоциацияси вакиллари қатнашдилар. Индонез томонидан эса 150 атрофида маҳаллий сайёҳлик фирмалари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Тадбир “В2В” шаклидаги музокаралар, Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдимоти ва Индонезиянинг таниқли туркомпаниялари слайд-тақдимоти шаклида ўтди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси Ш.Жамолов, МАКнинг Сингапурдаги вакили У.Алимов, Ўзбекистон Хусусий туристик ташкилотлари ассоциацияси раиси Н.Қосимов, Индонезия Туризм вазири ўринбосари жаноб Игди Питаналар ёрқин тақдимотлар ўтказдилар. Ушбу тадбир маҳаллий ОАВ томонидан ҳам ёритилди.

Сингапурдаги “Natas Fair 2015” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистондан МАК, “Dolores Travel”, “Sarxos”, “Nasib Tour”, “Asia Elit Tour”, “Orient Mice”, “Novotur Service” туристик компаниялари қатнашдилар.

Сингапур ва Тошкент ўртасидаги авиаалоқанинг очилиши Жанубий-Шарқий Осиёда ўзбек туристик йўналиши оммалашишига катта ҳисса қўшгани ҳам таъкидлаб ўтилди, дейилади маълумотда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: