“Ўзбекистон почтаси” ОАЖ 2 сериядаги почта маркаларини чиқарди

Дата: 16:34, 30-01-2015.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – “Ўзбекистон почтаси” очиқ акционерлик жамияти (ОАЖ) 2 сериядаги – “Ҳудудлар. Наманган вилояти” ва “Тошкент зоопарки” почта маркаларини чиқарди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания сайтидаги матбуот релизига асосланган ҳолда.

“Ҳудудлар. Наманган вилояти” почта маркалари серияси туркуми занжир кўринишида чоп этилган бўлиб, 2та почта маркаси ва оралиқда жойлашган купондан иборат. Почта маркаларида Наманган вилоятининг тарихий обидаси ва замонавий иншооти тасвирланган. Купонда вилоятнинг географик харитаси ҳамда ташкил топган йили, майдони, аҳоли сони ва вилоят маркази кўрсатилган. Туркум адади 10 минг нусха.

“Тошкент ҳайвонот боғи” почта маркалари серияси 3та почта маркасидан ва 1та почта блокидан иборат. Почта маркаларида Тошкент ҳайвонот боғида яшовчи ҳайвонлар тасвирланган (ҳайвонларнинг номлари лотин тилида берилган). Почта блокида ўзбек тилида лотин графикасида “ТОШКEНТ ҲАЙВОНОТ БОҒИ” ёзуви мавжуд. 3 почта маркалари ҳар бирининг адади 10 минг дона, почта блоки адади 7 минг дона.

Маркаларга алоҳида рақамлар берилган ва ҳар бирига 1 минг сўмдан 2,5 минг сўмгача нарх қўйилган.

“Ўзбекистон почтаси” ОАЖ 14 ҳудудий филиал, 177 туман ва шаҳар бўлимлари, 2,986 алоқа бўлинмаларидан ташкил топган. Уларнинг 2,296таси қишлоқларда жойлашган. Шунингдек, компания таркибига “Халкаро почтамт” филиалига қарашли 20 кўчма алоқа бўлимлари, “Ўзбекистон маркаси” ишлаб чиқариш корхонаси ва “Пул ўтказмаларини назорат қилиш бўйича марказ” ҳам киради.

Миллий почта оператори таркибига почта жўнатмаларини доимий ташишни таъминловчи 34 авиа-, 2 темир йўл, 436 автомобил маршрутлари ҳам киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: