“Ўзбекистон почтаси” томонидан ишлаб чиқарилган “Менинг орзуим” маркалари бутун дунё бўйлаб тарқалади
Тошкент. 3 июнь. ЎзТАГ - “Ўзбекистон почтаси” томонидан ишлаб чиқарилган “Менинг орзуим” маркалари хат ва бандеролларда бутун дунё бўйлаб тарқалади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу ҳақидаги маълумот “Ўзбекистон почтаси” концернининг расмий сайтида жойлаштирилган.
Ушбу серия “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ, Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон бадиий Академияси билан ҳамкорликда яратилди. Ушбу ташкилотлар ҳамкорлигида 2014 йил 15 январдан 15 мартгача “Дунё - болалар нигоҳида” махсус почта маркаларини чоп этиш учун “Менинг орзуим” мавзусида болалар ижодий расмлари республика танловини ўтказилди.
Танловдан мақсад - ўсиб келаётган ёш авлодни филателияга қизиқтириш ва жалб этиш, янги сюжетлар излаш, почта маркалари чоп этилишига жамоатчилик диққатини жалб қилиш бўлди.
Натижада, ҳайъат аъзоларига танловда қатнашган 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган иштирокчилар номинацияси бўйича ўзлари чизган 1227 та расмларни тақдим этдилар. Биринчи ўринни 8 ёшли Сардор Сулеймонов чизган “Космонавт” расми, иккинчи ўринни 9 ёшли Камила Аҳмадова чизган “Қувноқ камалак” расми, учинчи ўринни эса 11 ёшли Валерия Фомичева чизган “Дўстлик” расми олди. Барча ғолиблар Тошкентда истиқомат қиладилар.
Айнан ушбу расмлар “Менинг орзуим” мавзусидаги “Дунё - болалар нигоҳида” махсус почта маркаларини чоп этиш учун асос бўлди ва янги маркалар 2014 йил 30 майдан муомалага киритилди. Болалар расми асосида чиқарилган “Менинг орзуим” махсус почта маркалари хат ва бандеролларда дунё бўйлаб тарқалади.


