“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси янги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти учун имтиёз ва чегирмалар берди

Дата: 13:18, 10-11-2016.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси янги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти учун имтиёз ва чегирмалар берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ширкат матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Хусусан, 2016 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистон Республикасида экспортга ортилаётган маҳсулотларни рефрижератор секцияларига ортиш учун қўлланиладиган $3,7 минг миқдоридаги қўшимча тўлов бекор қилинди, экспортга ортилаётган маҳсулот ҳудудларини Ўзбекистон Республикаси чегарасигача ташиш масофаларини узоқлигини ҳисобга олиб, йўл тўловларига 30%дан 60%гача чегирмалар тақдим этилади”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, “Yo’lReftrans” АЖ қарашли рефрижератор секцияларга ортиш имтиёзли муддати 4 суткагача узайтирилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” станцияларидан жўнатилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Қозоғистон Республикаси орқали “Yo’lReftrans” рефрижератор секцияларида транзит ташувларига (юк ҳақи KTZ Express орқали тўланган тақдирда) 30% чегирма жорий қилинган.

Товарларни юклаш тартибларига риоя қилинган тақдирда “Yo’lReftrans” АЖ юкнинг сифати ва сонини кафолатлайди.

“Шунингдек, юк жўнатувчи рефрижератор секцияси механиклари билан алоқада бўлиб, молнинг йўлдаги ҳолати, турган жойи, вагонлардаги ҳаво ҳолати кабиларни билиб олиш имконияга эга”, - дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, бугунда “Yo’lReftrans” АЖ вагон парки 211 рефрижераторли секциялардан ташкил топган. Уларда бир вақтнинг ўзида 160 тоннадан 215 тоннагача юк ташиш мумкин. 276 вагон-термосларда эса 40дан 60 тоннагача юк ташиш мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: