“Ўзбекистон темир йўллари” Оролбўйи аҳолисига 50% чегирма беради

Дата: 18:05, 06-02-2017.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси “Қўнғирот-Тошкент-Қўнғирот”, “Урганч-Тошкент-Урганч” ва “Шовот-Тошкент-Шовот” йўналишлари бўйича чипталарнинг амалдаги тарифларига 50%лик чегирмалар беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ширкат маълумотларига кўра, чегирмаларга доир қарор Ўзбекистон Президентнинг 2017 йил 18 январдаги “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тақдим этилмоқда.

Чегирмалар пенсионерлар (шу жумладан, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф қилиш иштирокчиларига), ногиронлар ва ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга, ўқишга кетаётган талабаларга, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам белгиланган кам таъминланган оилалар аъзоларига (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий ёрдам тўланадиган муддатга берилган маълумотномаси мавжуд бўлган ҳолда) тақдим этилади.

Амалдаги қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ алоҳида йўловчилар учун жорий этилган чегирмалар сақланиб қолади.

Айни пайтда, чегирмаларнинг бир неча туридан бир вақтда фойдаланишга рухсат берилмайди ва йўловчи учун энг мақбул чегирма қўлланилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: