“Ўзбекистон темир йўллари” юк ташувлари ҳажмини 100 минг тоннага оширди

Дата: 16:47, 25-04-2016.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – 2016 йилнинг I чорагида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акционерлик компанияси (ДАК) 16,7 млн тонна юк ташиб, ушбу кўрсаткични ўтган йилнинг муқобил давридагига қараганда 100 минг тоннага кўпайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2016 йилнинг I чорагида компания 16,7 млн тонна юк ташиди, бу эса ўтган йилнинг муқобил давридагига қараганда 100 минг тоннага кўпдир. Ўтган вақт давомида йўловчи ташувлари ҳажми ҳам ошиб, 4,9 млн кишини ташкил этди”, - деб таъкидланади компания матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида ДАК $81,4 млн ҳажмда экспорт хизматлари кўрсатди, шунингдек, компаниянинг саноат корхоналари солиштирма нархларда 85,22 млрд сўмлик товарлар ишлаб чиқардилар.

Таъкидланишича, жорий йилнинг январ-мартида Инвестиция дастури доирасида $187,47 млн инвестициялар ўзлаштирилди (+0,5%). 2016 йилда ДАК жами $799,22 млн инвестициялар ўзлаштиришни режалаштирган.

$1 = 2893,92 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: