“Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати (2016)” таҳлилий тадқиқоти интернетга жойлаштирилди
Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – “Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати (2016)” таҳлилий тадқиқоти интернетга жойлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (ССП) томонидан БМТТД “Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш” ва “Ўзбекистон Бизнес форуми – III босқич” лойиҳалари кўмагида, Ўзбекистон Ташқи иқтимодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ёрдамида тайёрланган.
ССП маълумотларига кўра, тадқиқот Герман халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда минтақавий савдога кўмаклашиш” дастури ёрдамида чоп этилган.
Нашрдан кўзланган асосий мақсад – инвестор ва тадбиркорларни Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича асосий харажатлар билан таништиришдан иборат. Булар орасида корхонани рўйхатдан ўтказиш, ташқи савдо билан боғлиқ солиқ ва бошқа тўловлар кабилар бор.
Нашрда хорижий мамлакатлар билан визалар расмийлаштириш тартиби, виза йиғин ва божлари миқдори кабилар ҳам келтирилган. Шунингдек, иккитомонлама солиққа тортмаслик ва қулай савдо шароитлари яратиш ҳақида келишув имзоланган мамлакатлар рўйхати тақдим этилган.