“Ўзбеккўмир” АЖ умумий қиймати $543,6 млн. бўлган қатор инвестиция лойиҳларини амалга оширишни режалаштирмоқда
Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – 2015 йилда “Ўзбеккўмир” акционерлик жамияти (АЖ) умумий қиймати $543,6 млн. бўлган қатор инвестиция лойиҳларини амалга оширишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компаниядан хабар қилишларича, улар орасида “Апартак” конини қуриш лойиҳаси ҳам бўлиб, бу кўмир қазиб олиш ҳажмларини йилига 1 млн. тоннагача етказишга имкон беради. Бундан ташқари, “Шарғункўмир” АЖни модернизация қилиш ҳам кўзда тутилиб, бу орқали унинг қуввати йилига 900 минг тонна кўмирга етказилади.
Шунингдек, ҳудудий сотув марказларида аҳолини кўмир брикетлар билан таъминлаш қорхоналари ташкил этилади. Ушбу маҳсулот самарали бўлиб, ишлатишга қулай.
Яқин истиқболда кўмир тармоғида янги конларни ишга тушириш ишларини кўпайтириш, бу орқали қазиб олинаётган фойдали маъданлар (коалин, оҳактош, тошқотишмалар) миқдорини кўпайтириш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлардан қурилиш материаллари, хусусан, цемент, ғишт, керамик ва безак плиткалари, иссиққа чидамли тошлар, изоляторлар, керамик буюмлар чиқаришда фойдаланилади.
2014 йилда Ўзбекистон кўмир саноати 2013 йилга солиштирганда 7,5% ўсди. Маҳсулотларнинг асосий қисми “Ўзбеккўмир” АЖ ( 4 млн. тонна атрофида), “Шарғункўмир” АЖ (107,2 минг тонна) ва “Апартак” МЧЖ (300 минг тонна) ишлаб чиқарилмоқда. Истеъмолчиларга 4 млн. 372,4 минг тонна кўмир етказиб берилди.