“Ўзбекнефтегаз” Beicip-Franlab билан ҳамкорликда Нефтегаз маълумотлари миллий базасини яратадилар

Дата: 16:56, 09-10-2018.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбекнефтегаз” Beicip-Franlab билан ҳамкорликда Нефтегаз маълумотлари миллий базасини (ММБ) яратадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 7 октябр куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси в. б. Б. Ашрафхановнинг Beicip-Franlab компанияси раиси ва бош директори Ж. Буррус билан музокараларида сўз борди.

“Учрашувда ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари бўйича масалалар муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорлик доирасида геологик-қидирув ишларини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сармоявий блокларнинг нефть-газ салоҳиятини ўрганиш ва Франция томонини мустақил аудитор ва қатор соҳаларда мутахассис сифатида жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда”, - дейилади “Ўзбекнефтегаз” АЖ матбуот хизмати хабарида.  

Улар қаторида Ўзбекистон ҳудудида геологик-қидирув ишларини олиб бориш ва углеводород қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш бўйича етакчи нефть-газ компаниялари таклифларини баҳолаш; Ўзбекистондаги конларни ўзлаштириш бўйича лойиҳалар юзасидан таклифларни тайёрлаш кабилар бор.

Шундан кейин маълум қилинишича, биргаликдаги фаолиятнинг муҳим йўналишларига “Ўзбекнефтгаз АЖнинг хорижда углеводородларни қидириш ва қазиб олиш ишларини амалга ошириш истиқболларини баҳолаш, Ўзбекистон Республикаси заҳиралари бўйича ҳисоботларни тайёрлаш, шунингдек, бўлажак хорижий сармоядорлар ўрганиши учун республикадаги сармоявий блоклар бўйича маълумотлар тўпламини ҳозирлаш ва бошқалар киради.

“Ҳозирда нефть ва газ бўйича маълумотлар миллий базасини яратиш юзасидан Beicip Franlab компанияси билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятлари ўрганилмоқда. Унда компания маълумотлар базасини яратиш ва мутахассисларни ўқитиш бўйича хизматларни тақдим этувчи мустақил пудратчи сифатида ҳамда мазкур лойиҳани тижоратлаштириш буйича маслаҳатчи сифатида ҳам иштирок этиш ниятида”, - дейилади хабарда.

Қўшимча қиламизки, ММБ мамлакат табиий ресурслари, хусусан, нефтни қидириш ва қазиб олиш билан боғлиқ маълумотларни сақлашга ва рағбатлантиришга йўналтирилган маълумотлар банкидир. “Мазкур маълумотлар базасини яратишнинг икки асосий сабаби – геологик-қидирув ва қазиб олиш бўйича маълумотларни сақлаш ҳамда қидирув, қазиб олиш ва етказиб бериш билан боғлиқ хатарларни камайтириш мақсадида маълумотлардан фойдаланиш орқали мамлакатга сармояларни жалб қилишдир”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек-француз ширкатларининг музокаралари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябр кунлари Францияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида бўлиб ўтди.

Beicip Franlab – геологик тадқиқотларни илмий қўллаб-қувватлаш, заҳираларни мустақил баҳолаш, нефть ва газ конларини ўзлаштиришда маслаҳатлар бериш, углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлашни оптималлаштириш бўйича ечимларни топиш ҳамда геологик ва геофизик тадқиқотларни ўтказиш учун керакли дастурий таъминотни ишлаб чиқишга ихисослашган етакчи компаниялардан биридир.

Компания 100дан ортиқ мамлакатларда фаолият олиб боради ва Москва, Париж, Жазоир, Куала-Лумпур, Рио-де-Жанейро, Хьюстон, Вильяэрмоса, Абу-Даби ва Қувайтда 9та халқаро бўлинмаларга эга.

Сурат манбаи: из ru.sputnik-tj.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: