“Ўзбекнефтегаз” Шўртан ГКМ қувватларини кенгайтириш режаларига ўзгартиш киритди
Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси Тошкентда Шўртан газ-кимё мажмуи (ГКМ) қувватларини кенгайтиришнинг янги концепциясини тақдим қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қирғиз ОАВ хабарига кўра, бу ҳақида Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси маълум қилган.
Олдин ширкат комбинатнинг полиэтилен ишлаб чиқариш қувватини йилига 125 минг тоннадан 200 минг тоннадан зиёдгача оширишни режалаштирган эди. Эндиликда бу қувват йилига 500 минг тоннагача етказилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳа айни пайтда синтетик нафтани қайта ишлаш ва полиэтилен ҳамда полипропилен янги турларини ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
2017 йилги Инвестиция дастурида лойиҳа $400 млндан ортиққа баҳоланган, бундан $100 млни Ўзбекистон ТТЖ томонидан, $250 млни хорижий ҳамкор томонидан, қолгани “Ўзбекнефтегаз” томонидан ажратилади.
Компания барча ишларни 2019 охирида тугаллашни режалаштирмоқда. Эндиликда лойиҳа қиймати ўзгариши зарур.
Маълумот ўрнида, олдин Ўзбекистон ГКМ қувватини янгилашни ўрганиш бўйича GS E&C жанубий корейс ширкати билан келишув имзолаган эди.
Шўртан ГКМ 2001 йилда фойдаланишга топширилган. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар асосан Италия, Қозоғистон, Хитой, Польша, Россия, Туркия, Украина ва бошқа жойларга етказиб берилади.