“Ўзбектелеком” қишлоқ жойларга телекоммуникация ускуналари етказиб беришга тендер эълон қилди
Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг энг йирик оператори бўлган “Ўзбектелеком” акционерлик компанияси “Қишлоқ жойларда “Ўзбектелеком” АК ахборот-коммуникация инфраструктурасини ривожлантириш” лойиҳаси бўйича телекоммуникация ускуналари етказиб беришга тендер савдолари эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Тендерда ҳам хорижий, ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар, жумладан, харид қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки рўйхатдан ўтган етказиб берувчилари бўлган кичик бизнес субъектлари, тендерда иштирок этишнинг малака талабларини бажарган ҳамда тендер эълон қилинишидан камида бир йил олдин сотиб олиниши зарур бўлган маҳсулотни етказиб беришда тегишли тажрибага эга бўлган ширкатлар қатнашишлари мумкин”, - дейилади компания хабарида.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун афзалликлар берилади.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзбектелеком” АК Ўзбекистоннинг энг йирик телекоммуникация оператори бўлиб, UZTELEСOM, UZMOBILE ва UZONLINE савдо белгилари остида хизмат кўрсатади. Ширкатнинг маҳаллий телекоммуникация тармоғи 2 млн. рақамдан иборат 2 минг АТСдан иборат бўлиб, уларнинг 93,6% рақамли телефон станцияларидир. Ширкат мобил ва симли алоқа, шаҳарлараро ва халқаро алоқаси, маълумотлар узатиш ва интернет хизматлари кўрсатувчи ҚК улушларга эга.