“Ўзбектелеком” халқаро қўнғироқлар тарифларининг оширилишига изоҳ берди
Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбектелеком” халқаро қўнғироқлар тарифларининг оширилишига изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.
“Сўнгги икки йил давомида «Ўзбектелеком» АК таркибидаги асосий йўналишлар бўйича халқаро қўнғироқларнинг нархларига тарифлар қайта кўриб чиқилмади. Асосий йўналишлар – Қозоғистон, Россия ва бошқа қўшни давлатлардир. Компания хизматларни паст, бозорга мос бўлмаган нархларда, деярли ўзи учун зарар билан тақдим этди. Компания аслида зарарига ишлаб, паст нархларда хизмат кўрсатиб келди”, - дейилади хабарда.
20 октябрдан бошлаб аҳоли учун шаҳар телефон тармоғидан фойдаланганлик учун ойлик абонент тўлови абонент тўлов тизимида 4000 сўмни, вақтбай тўлов асосида бўлганда 3000 сўмни ташкил этади.
Марказий Осиё абонентлари билан бир дақиқа суҳбатлашиш нархи 1000 сўмгача, Россия, Украина ва Беларусга 1100 сўмгача, Европа мамлакатларига 2280 сўмгача, Африка ва Америка мамлакатларига 2550 сўмгача оширилади.
Телеграф хизматлари нархи ҳам ошди. Ўзбекистон бўйича оддий телеграммада битта сўз нархи 88 сўмни, тезкор телеграмма учун эса 440 сўмни ташкил этади, Марказий Осиё давлатлари, Россия, Украина, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Арманистон ва Грузияга телеграммаларда битта сўз учун 580 сўм, тезкор телегараммаларда эса 1160 сўмни ташкил этади.
“Ўзбектелеком” АК – тармоқлари бутун Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган йирик телекоммуникация операторидир. Компания кенг турдаги алоқа хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади.