“Ўзбектелеком” халқаро қўнғироқларга тарифлар оширилишини бекор қилди
Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – “Ўзбектелеком” АК халқаро қўнғироқларга тарифлар оширилишини бекор қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Компания абонентлари ва ҳамкорлари талаб ҳамда таклифларини инобатга олиб, “Ўзбектелеком” АК 2017 йил 6 октябрда эълон қилинган ўзгаришлар бекор қилинганлигини маълум қилади, яъни илгари тасдиқланган, 2016 йил 1 июлда киритилган “Телекоммуникация универсал хизматларига тарифларнинг чекланган даражаси” 125-1/1-сонли прейскурант амал қилишда давом этади”, - дейилади чоршанба куни тарқатилган хабарда.
Олдин маълум қилингани каби, “Ўзбектелеком” АК 20 октябрдан асосий йўналишлар – Қозоғистон, Россия ва бошқа қўшни мамлакатларга қўнғироқлар нархини икки бараварга оширишини режалаштирган эди. Бунга сўнгги икки йил давомида “Ўзбектелеком” АК таркибидаги асосий йўналишлар бўйича халқаро қўнғироқларнинг нархларига тарифлар қайта кўриб чиқилмагани сабаб қилиб кўрсатилган эди. “Компания ўз зарарига ишлаб, бозорга мос бўлмаган нархларда хизатлар кўрсатмоқда эди”, - дейилган эди ширкат хабарида.
Шунингдек, компания аҳоли учун шаҳар телефонидан фойдаланиш учун абонент тўловини тахминан 30%, телеграф алоқасига – икки бараварга оширишни режалаётган эди.
Эслатиб ўтамизки, бундан олдин тарифлар 2016 йил 1 июлда оширилган эди.
“Ўзбектелеком” АК бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ўз тармоқлари билан қамраб олган йирик телекоммуникациялар операторидир. Компания симли ва мобиль алоқа операторлари ҳамда провайдерларига каналларни ижарага бериш бўйича хизматларни, халқаро ва шаҳарлараро алоқа хизматлари, овозли алоқа ва маълумотлар узатиш хизматининг барча турларини, Интернет тармоғидан фойдаланиш, видеоконференсалоқа хизматларини, CDMA-450 стандартида мобил алоқа хизматларини кўрсатади.