“Ўзбектелеком” мамлакатнинг уч шаҳрида янги Маълумотларни қайта ишлаш марказлари очишни режалаштирмоқда

Дата: 15:30, 19-08-2016.

Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – Яқин бир неча йил орасида “Ўзбектелеком” мамлакатнинг уч шаҳри: Тошкент, Бухоро ва Қўқонда янги Маълумотларни қайта ишлаш марказлари очишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ҳозирги вақтда ишга туширишнинг 1-босқичида Тошкентда Маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказини ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳадан мақсад Маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш маркази ресурсларига ўсиб бораётган талабнинг қондирилиши, техник имкониятларнинг кенгайтирилиши, шунингдек, булутли ҳисоблаш базасида янги хизматларни тақдим этиш бўлиб ҳисобланади”, - деб таъкидлашди компанияда.

Марказнинг жорий конфигурацияси 160 блейд-сервер, 1 петабайт сиғимли маълумотлар сақлаш омбори билан келажакда 10 петабайтгача серверлар сонининг кенгайтириш имкониятини тақдим этади.

Маълумотларни қайта ишлаш марказининг ишончлилиги даражаси Uptime Institute классификацияси бўйича Tier III халқаро тизимига мувофиқ келади, яъни марказ инфраструктурасининг резервланиши “Н+1” формуласи бўйича таъминланади, бунда ишончлилик коэффициенти 99,982%ни ташкил этади. Бу маълумотлар-маркази барча муҳандислик тизимостиларидан резервланиш имкониятига эгалигини англатади ва марказ ишларини тўхтатмасдан таъмирлаш-профилактика ишларини амалга оширишга имкон беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: