”Ўзбектелеком” соф фойдасининг учдан икки қисмини инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади

Дата: 11:00, 11-07-2014.

Тошкент. 11 июл. ЎзТАГ – ”Ўзбектелеком” АК акционерларининг умумий йиғилишида 2013 йил бўйича олинган соф фойданинг учдан икки қисмини инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш ҳақида қарор қабул қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази сайтида эълон қилинди.
Ўтган йил якунлари бўйича компания 15,854 млрд сўм соф фойда олгани ҳолда, акционерлар унинг 9,074 млрд сўмини инвестиция лойиҳаларига йўналтиришга қарор қилганлар.
Имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлашга 321,673 млн сўмов (номиналига 13,08%), оддий акциялар бўйича дивидендларга 4,768 млрд сўм (25%) йўналтирилади.
Шунингдек, заҳира жамғармасини тўлдиришга 792,733 млн сўм, инвестицион жамғармага 792,733 млн сўм ва Кузатув кенгаши ва ижроя органини рағбатлантиришга 104,364 млн сўм йўналтирилади.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзбектелеком” АК - Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик телекоммуникация оператори. Компания симли телефония, аҳоли ва провайдерлар учун кенгполосали ва симсиз интернетдан фойдаланиш хизматлари кўрсатади. Бундан ташқари, компания UZMOBILE савдо белгиси остида CDMA-450 стандартида уяли алоқа хизматлари кўрсатиш билан ҳам шуғулланади. Компания таркибида 22 филиал мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: