“Ўзбектуризм” мамлакат фуқароларини қатор мамлакатларга бориш ҳавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди

Дата: 10:45, 14-09-2016.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбектуризм” миллий компанияси мамлакат фуқароларини “Зика” вируси туфайли қатор мамлакатларга бориш ҳавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумот ширкат сайтида жойлаштирилган. Мурожаат Сингапур, Малайзия ва бошқа Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига боришни режалаштираётган турист ва туроператорларга қаратилган.

Хабарга кўра, 2016 йил 3 сентябрда Малайзия ҳукумати расмий равишда бошқа мамлакатларга ташриф буюрмаган фуқаронинг “Зика” вирусини юқтириши ҳолатини тан олган. Айни пайтда 1 сентябра 61 ёшли беморнинг оламдан ўтгани қайд этилган.

Мамлакатда чивинларни йўқотиш чоралари кучайтирилган. Айниқса, Индонезия билан чегарадош Сабах вилоятида вазият оғир. Малайзия ССВ вируснинг тарқалиши август охирида Сингапурдан бошланганини таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, Сингапур ССВ икки ҳолат таҳлили вируснинг “Зика” штаммидан чиққани эҳтимоли юқорилигини кўрсатганини маълум қилди.

Маълумотга кўра, “Зика” вируси кўпроқ Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Нигерия, Вьетнам, Бангладеш, Лаос, Камбожа ва Филиппинда тарқалган. Малайзия, Бруней, Тайван, Папуа Янги Гвинея ва минтақанинг бошқа мамлакатларида вирус маълум даражада мавжуд.

Маълумот ўрнида, “Зика” вируси илк маротаба 2013 йилда Бразилияда аниқланди. У  Таиланд, Малайзия, Камбожа, Мальдив, Лаос ва Филиппинда ҳам қайд этилди. “Зика” вируси хомиладор аёллар учун ўта ҳавфли. Чунки у туғилажак чақалоқнинг бош миясини ишдан чиқаради. Жорий йилнинг августи ҳолатига келиб миясида нуқсони бўлган 1,6 минг боланинг туғилиши аниқланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: