“Ўзметкомбинат”да монопол маҳсулотга нархларнинг шаклланиши муҳокама қилинди
Тошкент. 10 июн. ЎзТАГ – “Ўзбек металлургия комбинати” ОАЖ иқтисодчилар иштирокида монопол маҳсулотга нархларнинг шаклланиши масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Молия вазирлигидан хабар қилишларича, антимонопол назоратининг муаммоли масалалари, нархлар ва корпоратив харидлар устидан давлат назорати кабилар учрашувнинг асосий мавзулари бўлди.
Иқтисодчиларга Молия вазирлигининг “Қора металлургия соҳасида нарх орқали тартибга солиш тартиби” мавзусидаги маърузаси тақдим этилди. Унда корхоналар томонидан монопол маҳсулот нархини шакллантиришда йўл қўйилаётган камчиликларни қандай бартараф этиш, давлат томонидан тартибга солинадиган нархларни декларация қилиш ва қўллаш тартиби каби масалаларга ойдинлик киритилган.
Хусусан, майдаловчи пўлат соққалар нархини ва металлопрокатнинг эркин шартномавий улгуржи нархни шакллантириш, қора металлургия маҳсулотларига нарх (тариф) шакллантиришда билвосита моддий харажатларни, меҳнатга ҳақ тўлашга билвосита харажатларни, ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа харажатларни, давр харажатларини ва молиявий фаолият бўйича харажатларни тақсимлаш тартиби масалалари семинар қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Шу муносабат билан,“Ўзметкомбинат” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар нархни (тарифни) шакллантиришда ҳисобга олинадиган соф фойда миқдори аниқлаш тартибига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Эслатиб ўтамизки, “Ўзметкомбинат” АЖ Ўзбекистонда металлургия тармоғидаги етакчи корхонадир. Комбинат таркибида пўлат қуйиш ва прокат ишлаб чиқариш, рангли металлар ишлаб чиқариш, шунингдек, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш каби йўналишлар мавжуд.
2015 йилнинг I чорагида комбинат 13,5 млрд сўмлик (+0,2%) халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилиб, бундан 12,3 млрд сўмлиги эмалли идиш-товоқлардир.