“Ўзнефтмаҳсулот” АК бензин камчиллиги ҳақидаги маълумотларни радъ этди

Дата: 12:34, 14-08-2014.

Тошкент. 14 август. ЎзТАГ – “Ўзнефтмаҳсулот” Акционерлик компанияси ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин тақчиллиги ҳақидаги хабарларни рад қилиб чиқди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кейинги кунларда баъзи автомобил ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида, шу жумладан, Тошкентда, автомобил бензинини олиш учун навбатлар юзага келиб, бу аҳоли ўртасида хавотир ва тушунмовчилик уйғотмоқда. Натижада “тайёр маҳсулот ва қайта ишлашнинг етишмаслиги оқибатида ёқилғи мойлаш материалларининг (ЁММ) етишмовчилиги юзага етиши мумкинлиги ва улар нархларининг ошиши ҳақида асоссиз миш-миш ва хабарлар пайдо бўлди. Бу хабарлар ҳақиқатга мос эмас”, - дейилади компания хабарида.

“Ўзнефтмаҳсулот” маълумотларига кўра, республикада ЁММ билан таъминлаш бўйича муаммолар йўқ.

“Республикамизда барча турдаги жаҳон стандартларига жавоб берувчи ёқилғи мойлаш материаллари тўхтовсиз ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда эса аҳолининг автобензинга бўлган талабини тўлиқ ва тўхтовсиз таъминлашга доир зарур чоралар кўрилмоқда. Шу сабабли муҳтарам юртдошларимизни таҳликага берилмаслик, автобензин камчиллиги ҳақидаги турли миш-мишларга ишонмасликка чақирамиз”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: