“Ўзнефтмаҳсулот” бензин тақчиллиги ҳақидаги маълумотларни радъ қилди

Дата: 11:04, 18-09-2015.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси бутун мамлакат бўйлаб ёқилғи шахобчаларидаги бензин тақчиллиги ҳақидаги маълумотларга доир изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ёқилғи тақчиллиги йўқ ва келажакда ҳам бўлмайди. Чунки республикада жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари нафақат мамлакат ички эҳтиёжини қондириш, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилмоқда”, – дейилади хабарда.

“Ўзнефтмаҳсулот” маълумотларига кўра, бензин автоёқилғи шахобчаларига етарли ҳажмларда етказиб берилмоқда. Компания бензинга навбатлар унинг нархи ошиши ҳақидаги миш-мишлар туфайли юзага келмоқда, деб ҳисоблайди.

“Айни пайтда юзага келган вазиятни зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг бензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда”, – деб таъкидлайди компания ўз баёнотида.

Бензиннинг нархи ошиши ҳақидаги миш-ишлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Чунки 1 октябрдан бошлаб мамлакатда газ, электр қуввати, совуқ ва иссиқ сув, шунингдек, иситиш тарифлари кўтарилмоқда. Шу сабабли автомобил эгалари бензин баҳоси кўтарилишини тахмин қилиб, уни заҳира қилиб олмоқдалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: