“Ўзнефтмаҳсулот” вилоятларда бензин тақчиллиги сунъий яратилаётганлигини маълум қилди

Дата: 17:30, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Бугунги кунда Андижон, Хоразм, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон ҳайдовчилари бошидан кечираётган бензин тақчиллиги сунъий равишда юзага келтирилмоқда. Бу ҳақида “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ матбуот хизматидан UZ24 нашрига хабар қилишди.

Компания вакилининг сўзларига кўра, ҳафтада икки уч маротаба ҳудудлардаги АЁҚШларда бензин йўқлигидан шикоят қилиб қўнғироқ қилаётганлар бор, шикоятларда чайқовчиларнинг ёнилғини кўчада ноқонуний сотаётгани ҳам айтилмоқда.

“Республика бўйлаб барча АЁҚШларга ёнилғи етказиб бериш жадвал асосида бажарилади. Куннинг иссиқ бўлиши ва хавфсизлик сабабли ёнилғи эрта тонгдан сотила бошлайди. Бу эса куннинг ярмига келиб эса бензин тугашига олиб келмоқда”, - деди компания матбуот хизмати вакили. - Лекин бу бензин тақчиллигининг асосий сабаби эмас. Хусусий АЁҚШлар қўшимча даромад олиш мақсадида ёнилғини олиб-сотарларга пуллайди ва натижада сунъий тақчилик юзага келади”.

“Ўзнефтмаҳсулот”нинг қайд этишича, ҳозирда компания нефтегаз инспекцияси жойларда рейдлар ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамизки, вилоятларда, хусусан, Андижонда бензин етишмовчилиги ҳақида олдин ҳам хабар қилинган эди. Андижонлик ҳайдовчилар вилоятнинг бирон бир автоёнилғи қуйиш шахобчасида бензин сотиб олиш мумкин эмаслигини, километрлаб навбатлар юзага келганини хабар қилишди. Хусусий ҳайдовчилар бензинни 4,5 минг сўмдан сотиб олишга мажбур. 

Андижон вилояти автоёнилғи қуйиш шахобчалари вакиллари бензин тақчиллиги базада уларга оз миқдорда ёқилғи берилиши муносабати билан юзага келаётганини хабар қилишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: