“Ўзпахтамаш” ОАЖ мулк мажмуи 34,9 млрд сўмга баҳоланиб, аукционда сотиб юборилади

Дата: 12:10, 15-06-2015.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – 1946 йилда ишга туширилган “Ўзпахтамаш” очик акционерлик жамиятининг (ОАЖ) бошланғич қиймати 34,9 млрд сўм бўлган мулк мажмуи Тошкентда аукцион савдоларида сотиб юборилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу савдолар “Ko’chmas mulk savdo xizmati” МЧЖ томонидан уюштирилмоқда.

Корхонанинг мулк мажмуи бино ва иншоотлар, ускуналар, ишлаб чиқариш ва офис анжомлари, хом-ашё, маҳсулот ва қимматли қоғозлардан иборат.

Аукционда қатнашиш учун салоҳиятли харидорлар мулк мажмуи қийматининг 20% миқдорида гаров пули киритишлари зарур.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзпахтамаш” ОАЖ пойтахтда жойлашган бўлиб, пахта тозалаш саноати учун ускуна, машина ва механизмлар ишлаб чиқарган. Тошкент шаҳар Хўжалик судининг 2014 йил 23 июлдаги қарорига мувофиқ, банкрот деб топилиб, фаолияти тўхтатилмаган ҳолда тугатиш ишлари бошланган.

$1 = 2541,65 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: