“Ўзсаноатқурилишбанк” бизнесга 147 млрд сўмлик кредитлар берди

Дата: 16:48, 28-03-2016.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Январ-апрел ойлари давомида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ кичик бизнес субъектларига жами 147 млрд. сўмлик кредитлар ажратиб, ушбу кўрсаткични 2015 йилнинг муқобил даврига нисбатан 1,3 баробарга оширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк матбуот хизматидан хабар қилишларича, жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга 11,2 млрд сўмлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 1 млрд сўмлик кредитлар ажратилди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини кенгайтиришга 16,7 млрд сўмлик, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 1,5 млрд сўм ажратилган.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзсаноатқурилишбанк” бугунги кунда мамлакатнинг энг йирик универсал молия-кредит муассасаларидан биридир. У 1 млндан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатади.

2016 йилнинг 1 феврали ҳолатига келиб “Ўзсаноатқурилишбанк”АТБ ялпи капитали 877 млрд сўмгача, низом капитали 698 млрд сўмгача ўсди.

 “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида 42 мини-банк, 54 омонат кассаси, 44 махсус кассалар, 151 тўловлар қабул қилиш пункти, 91 халқаро пул ўтказмалари пункти ва 52 валюта алмаштириш пунктлари фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: