“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг кредит рейтинги янгиланди
Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – “Ўзсаноатқурилишбанк” очиқ акционерлик тижорат банкининг миллий шкала бўйича кредит рейтинги “uzA+” даражасида “Ижобий” прогноз билан янгиланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ahbor-Reyting” рейтинг агентлигидан хабар беришларича, рейтинг 2013 йил натижаларини ҳисобга олган ҳолда янгиланган. У банкнинг бозордаги етакчи мақоми, активларининг юқори сифатини акс эттиради.
Шу билан бирга, рейтинг банк активларининг тез ўсганлиги ва бу билан боғлиқ таваккалчиликлар, банк бизнесида тармоқлар улуши сезиларли даражадалигини ҳам ҳисобга олади.
2013 йил давомида “Ўзсаноатқурилишбанк” активлари 6,78 трлн сўмга (+35,23%) етди, шу жумдалан, банкнинг кредит портфели 5,2 трлн сўмни (+ 48,22%) ташкил қилди.
Молия муассасасининг ннвестицион портфели 26,7 млрд сўмга (+14,79%) тенглашди, акционер капитали 25,72% ўсиб, 326,3 млрд сўмга етди, ўз капитали эса 393,5 млрд сўмга қадар кўпайди (+31,41%).
“Ўзсаноатқурилишбанк” ОАТБ фондларининг асосий қисмини қарз маблағлар ташкил қилади. Банк мажбуриятларининг 61,46% ёки 3,87 трлн сўми улар улушига тўғри келади. Бундан 73,78% Ўзбекистон молия ташкилотлари ва 26,22% халқаро молия ташкилотлари ҳисобига тўғри келади.


