“Ўзстандарт” агентлиги делегацияси МДҲ ихтисослашган кенгаши йиғилишида иштироқ этди
Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – “Ўзстандарт” агентлиги делегацияси МДҲ Стандартизация, метрология ва сертификация давлатлараро кенгашининг Сочида (Россия) бўлиб ўтган 45-йиғилишида иштироқ этди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзстандарт” агенлигидан хабар қилишларича, тадбирда ҳудудий ҳамкорликнинг техник назорат, аккредитация, мувофиқликни баҳолаш, стандартизация, метрология каби йўналишларига доир 50 зиёд масалалар муҳокама қилинган.
МДҲ Стандартизация, метрология ва сертификация давлатлараро кенгаши 1992 йил 13 мартда “Стандартизация, метрология ва сертификация соҳаларида келишилган сиёсатни юритиш тўғрисидаги келишув” асосида ташкил этилган бўлиб, хужжат МДҲ аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари томонидан имзоланган.
Келишув стандартизация, метрология ва сертификация бўйича миллий органлар салоҳиятлари ва ресурсларини бирлаштириш, шунингдек, ушбу соҳаларда ягона техник сиёсатни ўтказишга имкон берди.
Кенгаш ҳар йили 1,5 мингдан ортиқ давлатлараро стандартларни қабул қилади. Бу эса, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилиб, МДҲ мамлакатларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги учун шароитлар яратади.


