1 апрелдан Ўзбекистонда аёллар билан ишлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда

Дата: 14:40, 05-02-2018.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – 1 апрелдан Ўзбекистонда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

“Оилавий қадриятлар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш мақсадларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилмоқда. Оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш билан бир қаторда “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш “Оила” марказининг асосий вазифалари қаторидан жой олди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига шарҳда.

Шу билан бирга, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” марказининг масъулиятини янада ошириш, ваколатлари доирасини аниқ белгилаб олиш мақсадида қўмита ҳамда марказ, уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбариятининг хотин-қизлар ва оила масалаларини ҳал этишдаги шахсий жавобгарлик чегаралари белгилаб қўйилди.

Сурат манбаи: http://www.ca-portal.ru/article:31463

Янгилик билан ўртоқлашиш: