1 февралдан Ўзбекистонда истеъмол товарларини биржаларда сотиш ва сотиб олишга таъқиқ бекор қилинади

Дата: 15:38, 17-01-2018.

Тошкент. 17 январ. ЎзТАГ – 1 февралдан Ўзбекистонда истеъмол товарларини товар-хом-ашё биржаларида сотиш ва сотиб олишга таъқиқ бекор қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Шунингдек, шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади.

“Истеъмол товарларини товар-хомашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди, улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади”, - дейилади фармон матнида.

Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси  маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хомашё биржалари, жумладан, хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги батафсил ахборот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Шу билан бирга, биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз – норезидент номидан товар-хомашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)га талабнома бериш, норезидент – юридик шахслар эса Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хомашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)ни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Сурат манбаи: https://www.norma.uz/nashi_obzori/pri_uchastii_v_torgah_na_birje_sertifikat_predostavlyat_ne_trebuetsya

Янгилик билан ўртоқлашиш: