1 июндан бошлаб GM Uzbekistan автомобилларни миллий валютага сотишни бошлайди

Дата: 18:39, 31-05-2017.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – 1 июндан бошлаб GM Uzbekistan автомобилларни ўзбек миллий валютаси сўмга сотишни бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йил 1 июндан ички бозорда “GM Uzbekistan” АЖнинг барча турдаги енгил автомобиллари учун шартномалар тузиш фақат миллий валюта – сўмда амалга оширилади”, - дейилади ширкатнинг Фейсбук саҳифасида.

Шу билан бирга, автомобилларга 1 июнгача бўлган муддатда тузилган барча шартномалар аввалги тартиб бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган. “2017 йилнинг 1 июнигача тузилган шартномалар бўйича енгил автомобиллар етказиб бериш ва тўловларни қабул қилиш, шартномаларда назарда тутилган қатъий шартлар ва белгиланган муддатларда тўловларни халқаро пластик карточкалари орқали амалга оширилади”, - дейилади хабарда.

Харидор автомобилни сотиб олиш учун 2017 йил 1 июн ҳолатига белгиланган энг кам олдиндан тўлов миқдорини (85%) ёки шартномада кўрсатилган тўлиқ суммани тўлаган бўлса, унга ҳақ тўланган ҳисобланади, деб ҳам қайд этилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: