1 мартдан оилага тарбияга олинган ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 820 минг сўмга етказилади

Дата: 14:39, 12-02-2019.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 820 минг сўмга етказилади ва кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади”, - дейилади президентнинг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​”ги қарорида.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75%и миқдорида тўланади.

Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 минг сўм миқдорида компенсация тўланади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

Ҳужжатга мувофиқ, болалар уйлари, ногирон болалар учун “Мурувват” интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорлари қўлланилади.

Оилавий болалар уйлари тарбияловчи ота-оналарининг базавий тариф ставкаси “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкасининг икки баробари миқдорида ҳисобланади, бунда меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун амалдаги устама ҳақи бекор қилинади ва “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган ҳар йилги таътиллар, имтиёзлар ва кафолатлар бериш тартиби сақлаб қолинади.

Сурат манбаи: imom.vn

Янгилик билан ўртоқлашиш: