1 мартдан Ўзбекистонда терминалларисиз савдо қилиш таъқиқланди

Дата: 15:48, 02-03-2017.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – 2017 йил 1 мартдан Ўзбекистонда чакана савдо ва пулли хизматларни кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар орқали тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб терминаллари билан таъминланмаган тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолият олиб бориш таъқиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу Ўзбекистон Президентининг 15 февралдаги ПП-2777 сонли “Пул билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, барча савдо нуқталарини терминаллар билан таъминлаш мақсадида уларни рўйхатдан ўтказиш тезкор тартибда – ариза тушган кундан уч кун ичида амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки тушириш фактлари ҳисоб терминалларини жорий этиш юзасидан белгиланган тартибларнинг бузилиши сифатида баҳоланади.

ДСҚга нархларнинг сунъий кўтарилиши ёки туширилиши, назорат-касса машиналари ва ҳисоб терминалларидан фойдаланиш, талон ва чекларнинг берилиши ва нақд пул тушумини тўлиқ ҳажмда топшириш масалалари бўйича доимий текширувлар ўтказиш топширилди.

Айни пайтда назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг махсус рухсатини талаб қилувчи солиқ текшируви ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Марказий банкка терминалларни ижарага бериш ва улардан тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилиши механизмларини қайта кўриб чиқиш ва янада қулай шароитларни яратиш вазифаси топширилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: