1 мартдан Ўзбекистонда турли банклар карталари орасида пул ўтказиш бепул бўлади

Дата: 17:37, 29-02-2016.

Тошкент. 29 феврал. ЎзТАГ – 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда турли банклар карталари орасида пул ўтказиш бепул бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎзР Марказий банки хабарига асосланган ҳолда.

Бу Марказий банк ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси банклараро чакана тўлов тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда “сўм” пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича янги режаси билан кўзда тутилган.

Марказий банкнинг Пул муомаласи департаменти директори ўринбосари Фахриддин Бобоевнинг сўзларига кўра, “эндиликда “А” банкнинг мижози ўз пластик карточкасидаги пулларни “Б” банкнинг мижози бўлган шахс пластик карточкасига исталган ҳудудда ўтказиш имконига эга бўлди”. Олдин бу каби операциялар техник сабабларга кўра ўтказилмас эди. “Бу каби қулайлик, шубҳасиз, нақд пулга бўлган талабни камайтириб, пул айланишининг тезлашишига шароит яратади”, - деб таъкидлади у.

Шунингдек, янги тарифда банклар томонидан жисмоний шахсларнинг пластик карточкалари ҳисоб варағидаги қолдиқ маблағларга ҳисобланадиган фоизларнинг энг кам фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаш ставкасидан (9%) кам бўлмаган миқдорда белгиланди. Ҳозирга қадар пластик карточкадаги қолдиқ маблағларга тижорат банклари томонидан МБ қайта молиялаш ставкасининг йиллик 1% миқдорида пул ўтказилар эди.

Бундан ташқари, тариф режасида жисмоний шахслар пластик карточкаларининг (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар, шу жумладан, корпоратив карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда банк хизмати ҳақи ундирилмаслиги белгилаб қўйилди.

Янги қоидалар 2016 йилнинг 1 мартидан кучга киради.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдин бир пластик картадан бошқасига пул ўтказиш хизматидан фақат ”Алоқа” ва “Агробанк” ўзбек банклари мижозлари фойдаланишлари мумкин эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: