1 октябрдан бошлаб Тошкентда иситиш ва иссиқ сув тарифлари оширилади
Тошкент. 16 сентябр. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон пойтахтида аҳоли ва ташкилотлари учун иситиш хизматлари ва иссиқ сув тарифлари оширилмоқда, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида куни-кеча “Тошиссиққуввати” корхонаси хабар қилди. Ташкилот маълумотига кўра, тарифларнинг 7% оширилиши энергия манбалари ва материаллар нархларининг юқорилагани билан боғлиқ.
Кўрсатилган санадан бошлаб, Тошкент аҳолиси учун марказий иситиш тизимидан фойдаланганлик учун ойлик тўлов турар жой майдонининг ҳар бир квадрат метрига ҳозирги 787,95 сўмдан 844,67 сўмга қадар оширилади.
Иссиқ сув таъминоти тарифи эса ҳисоблагич бўйича тўланганда бир кубометр учун олдинги 2524,99 сўм ўрнига 2706,76 сўмни ташкил қилади. Ҳисоблагич бўлмаган тақдирда эса киши бошига олдинги 9860,67 сўм ўрнига 10570,54 сўмга тенг бўлади.
Айни пайтда корхона ва ташкилотлар учун иссиқлик энергиясининг улгуржи баҳоси 1 Гкал учун ҚҚСсиз 47487 сўм этиб белгиланди (бунгача– 44298 сўм).
Эслатиб ўтамизки, яқинда ЎзТАГ Тошкентда 2014 йилнинг 1 октябридан бошлаб аҳоли ва юридик шахслар учун совуқ сув хизматлари тарифларининг ошганлиги ҳақида хабар қилган эди.