1 октябрдан Ўзбекистонда аҳолига нақд хорижий валютани сотишни бошлаш режалаштирилмоқда

Дата: 13:56, 25-09-2017.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – 1 октябрдан Ўзбекистонда аҳолига нақд хорижий валютани сотишни бошлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Рейтер агентлиги мамлакат бош вазири Абдулла Ариповнинг ўтган шанба куни қилган баёнотига асосланган ҳолда.

2 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини имзолади. Хужжатнинг 5 бандига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари валютани айирбошлаш шахобчаларида бозор курси бўйича чекловларсиз сотиш ҳуқуқини олдилар. Валютани сотиб олиш тижорат банкларининг конверсион бўлимларида маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу карталардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг юридик шахслари банклардан валютани жорий халқаро операциялар бўйича тўловлар: товар, ишлар ва хизматлар импорти, фойдани олиб чиқиб кетиш, хизмат сафарлари харажатларини тўлаб бериш, кредитларни қайтариш ва бошқа савдо характерида бўлмаган тўловларни амалга ошириш учун чекловларсиз сотиб олишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: