1 октябрдан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи, стипендия ва пенсиялар ўртача 1,15 бараварга ошади
Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ, 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалари миқдори ўрта ҳисобда 1,15 баравар оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Хусусан, 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 149 775 сўмни, ёшга доир пенсиялар ойига 292 940 сўмни, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 292 940 сўмни, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 179 755 сўм миқдорида белгилансин”, - деб таъкидланади хужжатда.
Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.