1 октябрга келиб ЯИДХПда кўрсатилган хизматлар сони 8,3 бараварга ўсди
Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилган хизматлар сони 53,3 мингдан ошди, бу йил бошидагига қараганда 8,3 бараварга кўп, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат Алоқа қўмитасидан хабар қилишларича, хусусан, ЯИДХП Call-марказига қилинган мурожаатлар сони йил бошидагига қараганда 26 бараварга ўсиб, 37,9 мингдан ошиққа етган.
Жами ЯИДХПда 220 хизмат ва сервислар жорий этилган бўлиб, улардан 30таси йўлга қўйилган. Хусусан, улар орасида текширувлар режа-графигидан кўчирма олиш, Ташқи савдо операциялари ягона базасида ташқи савдо шартномаларини рўйхатда ўтказиш кабилар бор.
ЯИДХП давлат органлари томонидан бепул ва пулли асосда интерактив давлат хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.