1 сентябрдан Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва пособиялар 10% оширилади

Дата: 09:35, 27-08-2015.

Тошкент. 27 август. ЎзТАГ – 2015 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, шунингдек, пенсия, стипендия ва пособиялар 10% оширилади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг чоршанба куни эълон қилинган фармонидан маълум бўлди.

Хужжатга мувофиқ, иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 1 сентябрдан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозимлиги айтиб ўтилган.

Хусусан, сентябрдан бошлаб республика ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 130 240 сўм, ёшга доир пенсиялар ойига 254 730 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 254 730 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 156 310 сўм миқдорида қилиб белгиланди.

Қарорда таъкидланишича, иш ҳақларини ошириш тўғрисидаги қарор “Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида” қабул қилинган.

Шунингдек, фармонда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар республика Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 2014 йилнинг 15 декабрда кўтарилган еди. Шунда ўсиш ҳам 10% ташкил етди ва енг кам иш ҳақининг ҳажми – 118 400 сўмни ташкил қилган еди.

$1 = 2595,52 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: