1 январдан Ўзбекистонда алкоголь нархлари ошади
Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 1 январдан Ўзбекистонда алкоголь нархлари ошади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Газета.uz нашрининг хабарига кўра, 2016 йил 1 январдан Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларининг (пиводан ташқари) минимал улгуржи ва чакана нархлари ошади. Янги нархлар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 3 декабрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган.
Ишлаб чиқарувчилар учун винонинг минимал улгуржи сотув баҳоси литрига 3800 сўмдан 4500 сўмгача (18,4%), минимал чакана нархи 4600 сўмдан 5400 сўмгача (17,3%) оширилди.
Ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотларининг минимал улгуржи сотув баҳоси литрига ҳозирги 9000 сўм ўрнига камида 10500 сўм, чакана нархи эса 10900 сўм ўрнига 12600 сўм бўлади (15,6%).
Коньякнинг минимал улгуржи сотув баҳоси литрига 11100 сўм ўрнига 13900 сўмга кўтарилади (25,2%), чакана нархи эса 13400 сўм ўрнига 16700 сўмга чиқади (+24,6%).
Алкоголь маҳсулотларининг (пиводан ташқари) минимал нархлари ушбу маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўймаслик мақсадида белгиланмоқда. Уларни юқоридаги нархлардан паст сотиш таъқиқланади.
Ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини белгиланган нархлардан паст баҳоларда сотганлик учун жарима солинади, айбдор шахслар жавобгарликка тортилади, деб ёзади Газета.uz.