10-12 сентябрда Тошкентда IT-мутахассислари учун хакатон бўлиб ўтади

Дата: 10:36, 26-08-2015.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – 10-12 сентябрда ICTWEEK Uzbekistan 2015 Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Тошкентда IT-мутахассислари учун очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича data.gov.uz Hackathon хакатони (конкурси) бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир БМТТДнинг “электрон ҳукумат”ни ривожлантириш дастури томонидан давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадларида ташкил этилган. Лойиҳа маълумотларига кўра, хакатон пойтахтнинг Миробод туманидаги “ТЧК” Сo-working марказида ўтказилади.

Танловнинг асосий номинациялари орасида “Очиқ маълумотлар орасида энг яхши илова хизмат”, “Очиқ маълумотларни визуализация қилиш бўйича энг яхши ечим” ва “Тошкент вилояти учун очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда ишаб чиқилган энг яхши илова” кабилар бор.

Бу ҳақидаги батафсил маълумотларни “Очиқ маълумотлар” порталидан топиш мумкин.

Эслатиб ўтамизки, хакатон тадбирида иштирокчиларнинг унча катта бўлмаган жамоалари қисқа муддатларда очиқ маълумотлар асосида янги дастурий таъминотлар, инфографика ёки бошқа ечимларни ишлаб чиқадилар.

Хакатонларнинг хусусиятлари орасида тезкорлик (тадбир 1,5-2 кун давом этади) ва алоҳида ижод муҳити кабилар бўлиб, у IT соҳасидаги турли мутахассислар, дастурчилар, дизайнер, таҳлилчиларни ўз атрофида бирлаштиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: