10 июндан Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун кучга киради

Дата: 17:50, 24-05-2016.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – 10 июндан бошлаб Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун кучга киради. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган “давра суҳбати”да уни самарасини қўллаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, сўзга чиққанлар қонун давлат бошқаруви тизимидаги маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг талаб ва истакларини қондиришга қаратилган аниқ натижаларни қўлга киритиш билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий асосини ташкил этишини таъкидлаб ўтдилар.

 Қонунда белгиланган давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойили, “бир дарча” тамойили асосида электрон давлат хизматларини кўрсатиш, электрон давлат хизматларини доимий такомиллаштириб борилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда жаҳоннинг етакчи АҚШ, Кореа Республикаси, Сингапур каби мамлакатлари амалиётидаги электрон ҳукуматни ривожлантиришни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар намуналари кўриб чиқилди.

Давра суҳбати якуни бўйича қонуннинг сўзсиз ижросини таъминлаш, хусусан ўз вақтида электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг стандартларини, электрон давлат хизматлари кўрсатишни баҳолашнинг методикасини, электрон ҳукумат лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, электрон ҳукуматни амалга ошириш ва фаолият юритиши билан боғлиқ ахборот соҳасидаги қонунларни амалиётга тадбиқ этишни янада такомиллаштириш масалалари билан боғлиқ бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: