10 хорижий инвесторлар Tashkent City халқаро бизнес-марказ қурилиши билан қизиқмоқда

Дата: 13:58, 04-06-2018.

Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ – 10 хорижий инвесторлар Tashkent City халқаро бизнес-марказ қурилиши билан қизиқмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу маълумот Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида қурилаётган Tashkent City халқаро бизнес марказига ташрифи доирасида очиқланди.

“Хорижий инвесторлар ҳам бу истиқболли лойиҳада иштирок этишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда “Tashkent City” маъмурий кенгаши томонидан қарийб 10 сармоядор субъект билан ҳамкорлик тасдиқланган. Улар орасида Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг йирик қурилиш компаниялари бор”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Бугунги кунда мазкур замонавий марказ қурилиши еттита лотда жадал олиб борилмоқда. Ҳозиргача 42 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган, ер ости монолит қопламаларини мустаҳкамлаш якунланган. 

“Давлатимиз раҳбари мазкур бизнес маркази қурилишининг бориши билан танишди. Қурувчи ва муҳандислар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди. Меҳмонхона ва конгресс-холда халқаро тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар яратиш, залларни безатиш ва жиҳозлашда миллийлигимизга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади”, - деб таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 апрелда ҳам бу ерга ташриф буюриб, иншоотларни замонавий ва сифатли қилиб қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди.

 

Сурат манбаи: http://uznews.uz/article/10212

Янгилик билан ўртоқлашиш: