10 ойда Ўзбекистон ва Хитойнинг товар айланмаси $5 млрдга етди

Дата: 09:53, 26-12-2018.

Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 2018 йил январ-октябрда Ўзбекистон ва Хитойнинг товар айланмаси $5 млрдга етди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИВ маълумотларига кўра, 24 декабр куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 16-раунди бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Чжан Ханхуэ бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари томонидан давлатлараро муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, олий даражадаги Ўзбекистон-Хитой учрашувлари, ҳукумат делегациялари, ишбилармон доиралар, икки мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳа вакиллари ўртасидаги музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш батафсил кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, 2019-йилда режалаштирилган давлат раҳбарлари иштирокида, жумладан “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми доирасидаги тадбирлар жадвали ва кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди.

“2018-йилдаги савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатлар якунлари сарҳисоб қилинар экан, уларнинг динамик ва ўзаро фойдали бўлганлиги мамнуният билан қайд этилди. Январ-октябр ойларида савдо ҳажми $5 млрддан ошди, бутун 2017-йил давомида эса бу кўрсаткич $5 млрд атрофида бўлган эди”, - дейилди хабарда.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмитанинг олтинчи мажлисида иштирок этди.

Сурат манбаи: https://mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: