10 йилда Ўзбекистонда инвестдастурлар доирасида 196,006 трлн сўм ўзлаштирилди

Дата: 15:36, 11-08-2017.

Тошкент. 11 август. ЎзТАГ – 10 йилда Ўзбекистонда инвестдастурлар доирасида 196,006 трлн сўм капитал киритмалар ўзлаштирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига” номли мурожаатида келтириб ўтилди. Мурожаат  Ўзбекистон президентининг расмий веб-сайтида эълон қилинган.

“Ҳозирги кунда мамлакатимизда 24 мингга яқин қурилиш-пудрат ва 950 тадан зиёд лойиҳа ташкилотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган 8 мингта корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда турли миллатга мансуб минг-минглаб малакали ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқда”, - дейилади мурожаатда.

“Кейинги 10 йилнинг ўзида қурилиш соҳасида инвестиция лойиҳалари доирасида 196,006 трлн сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилгани, марказлаштирилган молиявий манбалар ҳисобидан 20 мингдан зиёд объект, жумладан, 7440 та умумтаълим мактаби, 1824 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 1951 та болалар спорти иншооти, 949 та шифохона ва 3 708 та ичимлик суви объекти барпо этилгани, чет эл кредитлари эвазига $40,003 млрдлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилгани сизларнинг бунёдкорлик меҳнатингиз жамиятимизга қандай катта наф келтираётганини яққол кўрсатиб турибди”, - дея қайд этди давлат раҳбари.

Сўнгги 10 йилда 1308 та қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 69557 та ҳар томонлама қулай уй-жойлар барпо этилиб, 83500 оиланинг яшаш шароити тубдан яхшиланди.

“Биз халқимиз, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, ёш оилалар учун қулайлик яратиш мақсадида арзон ва шинам уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширмоқдамиз. Ҳозирги кунда барча вилоятларимиз марказларида 191 та, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 102 та, қишлоқ жойларда эса 15 мингта ана шундай уй-жойлар жадал суръатлар билан барпо этилмоқда”, - дея таъкидланади мурожаатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: