11-13 майда Шавкат Мирзиёев Хитойда давлат ташрифи билан бўлади
Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11-13 май кунлари давлат ташрифи билан Хитойда бўлади. Бу ҳақида президентнинг матбуот хизмати чоршанба куни хабар қилди.
“ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашувларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.
Бундан ташқари, ташриф дастурида давлатимиз раҳбарининг Хитойнинг етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилади.
Таъкидланишича, олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон – Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши ҳам кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ш.Мирзиёев 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида “Бир қутб, бир йўл” халқаро форумида ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамизки, Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкоридир. 2016 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси $4,2 млрдни ташкил қилди.